Published On Premiered Feb 18, 2021
16 февраль куни Тошкентда 300 га яқин тадбиркор музлатиб қўйилган банк ҳисобларини очиш, ноҳалол контрагентлар тўламаган ҚҚСни улардан ундиришни тўхтатиш талаби билан Давлат солиқ қўмитасига борди.
Шу куни Бизнес-омбудсман ҚҚС юзасидан тадбиркорлик субъектларига юборилган хабарномаларнинг қонунийлигини ўрганишни бошлагани тўғрисида баёнот берди.
Давлат солиқ қўмитаси 10 мингта корхона банк ҳисоби музлатиб қўйилганини уларнинг 395 та пул нақдловчи фирма билан ҳамкорлик қилгани билан изоҳламоқда.
Давлат солиқ қўмитасига 16 февралда борган тадбиркорлардан бирининг 17 февралда Озодликка билдиришича, қўмита биноси олдида эрталаб соат 11 гача камида 300 киши йиғилган.
Озиқ-овқат маҳсулотлари, қурилиш материаллари, электрон техника ва бошқа шу каби товарлар билан савдо қилувчи тадбиркорларнинг кичикроқ гуруҳи бир кун олдин – 15 февралда Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармасига борган ва бу ҳақда Озодлик хабар қилган эди.